Ўзбекистонлик ёшлар — футбол бўйича Меҳрибонлик уйлари ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишади
6 август оқшомида 22-сонли А.Хлебушкина номидаги Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиларидан таркиб топган футбол жамоаси жорий йил 7-12-август кунлари Польша пойтахти Варшавада футбол бўйича IX-Жаҳон юниорлар чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетишди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўмаги остида тайёргарлик олиб борган ёшлар Hope for Mundial Ассоциациясининг таклифига биноан 22-Меҳрибонлик уйининг 10 нафар тарбияланувчисидан ташкил топган футбол жамоаси IX-Жаҳон юниорлар кубогида Ўзбекистон Республикаси шарафини ҳимоя қиладилар.
Маълумот ўрнида, 22-Меҳрибонлик уйи футбол жамоаси 2022-йил 11-17-май кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Меҳрибонлик уйлари ўртасидаги халқаро мусобақада қатнашиб, фахрли I-ўринни эгаллаган. 2023-йил 10-15-август кунлари Польша давлатининг Варшава шаҳрида Меҳрибонлик уйлари ўртасидаги VIII-Жаҳон чемпионатида 28 та давлатлар ўртасида фахрли II-ўринни эгаллаган.
Футболчиларнинг ёши, характери ва иқтидорлари турли хил, ўз олдларига қўйган мақсадлари ҳам турлича, лекин улар футболда бир жамоа бўлиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб ғалабани қўлга киритиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Ёш футболчилар чемпионатга малакали тренер бошчилигида ҳар куни машғулотлар олиб борган ҳолда тайёргарлик кўришган ҳамда маҳаллий жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ўтқазишган.
Жорий йилнинг 19-июл куни Пахтакор спорт клубининг ёшлар жамоаси билан ўртоқлик ўйинини муваффақиятли ўтказиб, юқори даражадаги маҳоратли ўйин кўрсатган жамоа бугун Жаҳон чемпионати ўтадиган давлатга етиб борди.
Кеча оқшомда бўлажак жаҳон чемпионлари Меҳрибонлик уйидан то Тошкент халқаро аэропортигача мутасаддилар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Миллий Гвардия масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирокида кузатиб юборилди.
Шарҳлар