“Ўзэнергоинспекция” подстанцияларда авариявий ўчишга сабаб бўлувчи омилларни ўрганди
Аварияларни олдини олишга сабаб бўлувчи омиллар ўрганилганда 112 та подстанциядаги электр қурилмаларнинг 356 тасида меёридан ортиқ қизиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан энергетика объектларида электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан доимий назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳудудлардаги подстанциялар ва трансформатор пунктларидаги контактлар ва болтли бирикмаларида пайдо бўлаётган қизишларни аниқлаш бўйича тепловизор кўриклари амалга оширилмоқда. Унга кўра 112 та подстанциялардаги электр қурилмаларнинг 356 тасида меёридан ортиқ қизиш ҳолатлари аниқланди.
Энергетика объектларидаги масъул шахслар томонидан контакт бирикмалардаги қизишларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмаётганлиги оқибатида авариявий ўчишларга, ускуналарни шикастланишига ва ўз навбатида электр таъминоти бузилган истеъмолчиларни ўринли эътирозларига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келмоқда.
Ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича маълумотномалар расмийлаштирилиб, Инспекция томонидан тизим корхоналарига тегишли кўрсатмалар берилди ва унинг бажарилиши назоратга олинди.
Шарҳлар