Оқ уй: АҚШ Путин — Россия президенти деган воқеликдан келиб чиқиб ишлашда давом этади

Foto: Reuters

Россия президенти сайловлари эркинлик ва адолат мезонларига мувофиқ бўлмади, дея маълум қилди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан журналистларга.

“Воқелик шундан иборатки, Путин — Россия президенти. Биз Украинада юз бераётган ҳодисалар ва АҚШ манфаатларига зид бўлган бошқа қадамлар фонида ушбу воқелик билан иш кўришга мажбур бўлдик… Ва биз ушбу воқеликда ҳаракатланишда давом этамиз. Аммо бу воқелик сайловлар эркинлик ва адолат мезонларига мос бўлмаганини рад этмайди”, — деди Салливан РФ президенти сайловларини изоҳлар экан.

АҚШ президенти ёрдамчиси, шунингдек, овоз бериш натижалари олдиндан маълум бўлганини, чунки Путиннинг сиёсий мухолифати ё ҳибсда ётгани, ё фожиали тарзда ҳалок бўлганини қайд этди.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател Вашингтондан “табрик қўнғироқлари бўлмаслиги”ни айтди. У Россиядаги сайловни “ишониб бўлмайдиган даражада нодемократик жараён” деб атади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Марказий сайлов комиссияси бюллетенларнинг 100 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин берган маълумотларга кўра, Владимир Путин сайловчиларнинг 87,28 фоиз овозларини қўлга киритган. Ушбу муддат унинг учун бешинчиси бўлади.

Россия мухолифати Ғарб мамлакатларини сайлов натижаларини тан олмасликка чақирди. Бироқ АҚШ, Евроиттифоқ ва блокка кирувчи мамлакатлар вакиллари баёнотларида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.