Тошкент дўконларидаги 8 та озиқ-овқат маҳсулоти амалдаги ҳужжатларга номувофиқ деб топилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда бошланган янги лойиҳага асосан назорат хариди ташкил этилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад сифатсиз маҳсулотлардан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, истеъмолга яроқсиз ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар айланмасининг олдини олишдир, дейилади қўмита хабарида.
Назорат хариди учун Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, аккредитaциядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилди.
Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий “Referens” ва “Texnostandart–NEO” МЧЖ ҳузуридаги аккредитациядан ўтган лабораториялар хулосаларини берди. Синов натижаларида 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси яъни уларнинг 88 фоизи амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги маълум бўлди.
Жумладан, техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёриқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегиишли эканлиги аниқланди:
1. “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;
2. “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;
3. “BIO KEFIR” кефир – ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;
4. “Qand” маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;
5. “Черноголовка” газланган салқинлантирувчи ичимлик – ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;
6. “Urussa” кунгабоқар ёғи – ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;
7. “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;
8. “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарвчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.
Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Шарҳлар