Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов ҳибсга олинди
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Масимов қўлга олинди, дея хабар беради Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот хизмати. У давлатга хиёнат қилишда гумон қилинмоқда. Мамлакат президенти уни уч кун аввал Олмаотадаги тартибсизликлар бошланганидан кейин МХҚ раислигидан олиб ташлаган эди, деб ёзади BBC рус хизмати.
Масимов ва исм-шарифлари ошкор этилмаган бошқа шахслар давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда, деб хабар беради «Sputnik Казахстан» нашри. Бундан келиб чиқадики, икки кун аввал Масимов вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми (давлатга хиёнат, максимал жазо фуқароликдан маҳрум қилиш билан ёки усиз-15 йил) бўйича дастлабки тергов олиб борилмоқда.
Масимов норозилик намойишлари ва ундан кейинги Олмаотадаги тартибсизликлар авжига чиққан пайтда ўз лавозимини йўқотди. 5 январь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Эрмек Сагимбаевни МХҚнинг янги раиси этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Бунгача 55 ёшли Сагимбаев Қозоғистон Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келган.
56 ёшли Масимов узоқ йиллар президент Нурсултон Назарбоев даврида мамлакат раҳбариятида ишлаган. У икки марта – аввалига 2007-2012-йилларда, кейин эса 2014-2016-йилларда бош вазир бўлган. Бош вазирлик лавозимлари оралиғида у Қозоғистон президенти маъмуриятини бошқарган.
Масимов 2016-йил сентабрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасига раҳбар этиб тайинланган. У миллий хавфсизлик генерал-лейтенанти.
Бир кун аввал ORDA Kazakhstan портали Назарбоевнинг жияни бўлган МХҚ раисининг биринчи ўринбосари Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида ёзганди, аммо тез орада ўз хабарини рад этди. Нашрнинг таъкидлашича, манба хато қилган. Кечқурун МХҚ матбуот хизмати Абишнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар “ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва иғвогорона характерга эга” эканини айтди.
МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга борган Назарбоевнинг декабрь ойи охиридан буён ўзи қаерда эканлиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Қозоғистонда 2 январь куни бошланган норозилик намойишларидан сўнг мамлакатда катта таъсирини сақлаб қолган собиқ президент бирорта ҳам баёнот бермади. Кеча Беларусь президенти Александр Лукашенко матбуот хизмати у Назарбоев билан телефон орқали гаплашиб, Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.
Масимовни МХҚ раҳбари лавозимидан бўшатиб, президент Токаевнинг ўзи Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилди, уни ҳозиргача собиқ давлат раҳбари бошқарган эди. Назарбоев бу лавозимга умрбод тайинланган эди.
Аввалроқ ОАВ Назарбоев атрофидагилар 2019-йил март ойида президентликка келган Токаев позициясига путур етказиши мумкин бўлган тартибсизликлардан манфаатдор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияларни муҳокама қилган эди.
«Аэропортнинг эгаллаб олиниши, биноларга ҳужумлар, жумладан, ҳарбий иншоотлар, талончилик – буларнинг барчаси махсус хизматлар иштирокисиз бундай миқёсда содир бўлиши мумкин эмас эди», – деди ББCга Лондон университети Шарқшунослик факультети профессори Бҳавна Дейв. – Менимча, кимдир атайлаб ўз агентларини намойишчилар сафига киритган. Сиёсий элитанинг айрим вакиллари вазиятни беқарорлаштириш, Токаев ҳокимиятига путур етказиш ва ўз позицияларини мустаҳкамлашни хоҳлайди”.
“Бандитлар ва террорчилар жуда яхши тайёрланган, уюштирилган, улар махсус марказдан бошқарилган. Уларнинг баъзилари қозоқча бўлмаган тилларда гаплашишган. Олмаотада умумий сони 20 минг кишини ташкил этган камида олтита теракт тўлқини бўлди”, — деб ёзган эди Токаев бир кун аввал “Твиттер”да.
Жума куни давлат телеканали “Хабар 24” Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Эрмухамет Ертисбаев билан суҳбатни намойиш этди. Шунингдек, у тартибсизликлар ташкилотчилари Тўқаевни ҳокимиятдан четлатишга эришмоқчи бўлганини айтди. Буни “ҳокимиятнинг энг юқори поғонасида, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги сотқинларсиз амалга ошириб бўлмасди”, -деди у, уларнинг исм-шарифини айтмасдан.
“Масалан, эеропортга ҳужумдан 40 дақиқа олдин кордон ва қўриқчиларни тўлиқ олиб ташлаш ҳақида буйруқ берилган”, — деди Ертисбаев. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, «бир неча йиллардан бери [жангариларнинг] ўқув лагерлари бўлганлиги” ҳам фитнани билдиради. “У ёки бу гуруҳни вақти-вақти билан зарарсизлантирган ММҚ тоғларда ташкил этилган кўп сонли ўқув лагерлари ҳақида сукут сақлади”, – дейди Ертисбаев.
Республика Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбарининг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги хабарда иш тафсилотлари келтирилмаган. Тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бошқа маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас, дейилади хабарда.
Шарҳлар