Қозоғистон қутқарувчилари иккита автобусни эвакуация қилди, йўловчилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 72 нафар автобус йўловчиси об-ҳаво ёмон бўлган йўналишлардан эвакуация қилинганини маълум қилди. Хусусан, 2023 йил 11 январь куни Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 1153-километрида, Ирғиз районидан 20 км узоқликда йўлда йўловчи автобуси тургани ҳақида маълумот келиб тушган.
“Автобусда 3 нафар Қозоғистон ва 38 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Ноқулай об-ҳаво туфайли йўлнинг ёпилиши муносабати билан барча йўловчилар Ирғиз қишлоғидаги ўрта мактабга жойлаштирилди”, — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарида.
Шу куни Айтекебий районида, Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 968-километрида, Қорабутоқ қишлоғидан 2 км узоқликда, йўловчи автобуси учун ҳам ёрдам зарурлиги ҳақида маълумот келиб тушган. Автобусда жами 31 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган.
Ёмон об-ҳаво ва йўл ёпилиши сабабли барча йўловчилар Қорабутоқ қишлоғи масжидига жойлаштирилган.
Шарҳлар