Қозоғистонда бузилиб қолган автобусдан 14 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди
Қутқарувчилар Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида бузилган автобусдан 40 дан ортиқ йўловчини эвакуация қилди. Уларнинг орасида 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор, деб ёзади kazlenta.kz.
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса 9 январь куни Алмата-Екатеринбург трассасида содир бўлган. Қутқарувчилар носоз автобусдан 41 кишини эвакуация қилган, улардан 14 нафари Ўзбекистон, қолган 27 нафари Қозоғистон фуқаролари.
Аниқлик киритилишича, автобус “Чимкент – Тобольск” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган вақтида носозлик юз берган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва тиббий ёрдам талаб қилинмаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика аҳолиси ва меҳмонларини бўрон ҳақида огоҳлантириш вақтида аҳоли пунктларидан ташқарига чиқмаслик ва узоқ масофаларга пиёда саёҳат қилмаслик ҳақида огоҳлантиради.
Эслатиб ўтамиз, тахминан 10 кун аввал Қозоғистоннинг Айтекеби вилоятидаги “Қорабутоқ-Қўстанай” трассасида 32 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетган эди. Қутқарувчилар ва полиция ходимлари йўловчиларни туман масжидига эвакуация қилганди.
Шарҳлар