Қозоғистонда йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган юртдошларимиз Ўзбекистонга олиб келинди
Кеча, 13 май куни соат 18:05 да, Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А.Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб бориб, Қозоғистон Республикасининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашди.
Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 12 май куни Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берган эди. Нукус-Олмаота йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
2 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилган. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
«Бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда», – дейилади ФВВ хабарида.
Олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилган, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилган.
«Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда», – дея хулоса қилади вазирлик.
Шарҳлар