Ozon савдоларни Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйди
Ozon маркетплейси республикадаги харидорларга юз миллиондан ортиқ маҳсулотлар бўйича савдоларни очди. Энди Ўзбекистон аҳолиси Ozon’га мамлакатнинг исталган ҳудудига буюртма беришлари мумкин. Ўзбекистонликлар китоблар ва кийим-кечаклардан озиқ-овқат ёки соғлиқни сақлаш маҳсулотларигача бўлган 20 дан ортиқ тоифадаги кўп миллионли бозор маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига эга, дея хабар беради компаниянинг матбуот хизмати.
Биринчи босқичда Ўзбекистондаги харидорлар буюртмаларни шериклик етказиб бериш пунктларида, шунингдек, “Ўзбекистон почтаси”нинг 1660 та филиалларида қабул қилишлари мумкин.
Ўртача етказиб бериш муддати 12 кун. 2024 йилда Ozon мамлакатда ўзининг логистика инфратузилмасини, жумладан, омбор мажмуалари ва етказиб бериш хизматларини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Компания, шунингдек, буюртмаларни қабул қилиш ва бериш учун брендлаштирилган пунктларнинг франчайзинг тармоғини фаол ривожлантиришни режалаштирмоқда. Ушбу инвестициялар буюртмаларни етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиради.
“Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ва электрон тижоратни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга давлатдир. Биз республика аҳолисига 100 миллиондан ортиқ маҳсулотларни таклиф қилмоқдамиз ва уларга қулай онлайн харид қилиш учун янги имкониятлар тақдим этиш мақсадида инфратузилмани ривожлантиришни давом эттирамиз. Бизнинг Ўзбекистондаги асосий устуворлигимиз мижозларга товарларни етказиб бериш муддатини қисқартириш ва энг юқори даражадаги хизматларни кўрсатиш бўлади”, — дея изоҳ берди «Ozon» компаниясининг МДҲдаги операциялар ва ривожланиш бўйича директори Алексей Сапон.
«Ozon» компанияси мутахассислари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида маҳаллий тадбиркорлар учун ўқув тадбирларини ўтказади. Компания электрон тижоратни тартибга солиш, шунингдек, республикада трансчегаравий савдо механизмларини такомиллаштириш ишларида иштирок этишни режалаштирмоқда.
Ozon 2021 йилдан бери МДҲда бизнесни ривожлантирмоқда, компания Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўзининг логистика инфратузилмасига эга.
Шарҳлар