Суд Трампга 355 млн доллар тўлаш мажбуриятини юклади ва Нью-Йоркда бизнес юритишни тақиқлади

Foto: EPA

Нью-Йоркда суд АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампни фирибгарлик тўғрисидаги иш бўйича айбдор деб топди. Унга 354,9 миллион доллар тўлаш мажбурияти юкланди. Судья Артур Энгорон, шунингдек, Трампга уч йил мобайнида Нью-Йоркда исталган корпорациянинг ходими ёки директори бўлиб ишлашни тақиқлади, деб хабар беради Reuters. Собиқ президентнинг ўғиллари — кичик Дональд Трамп ва Эрик Трамп 4 миллион доллардан тўлаши керак.

Судьянинг қарорида айтилишича, Трамп ва иш бўйича бошқа жавобгарлар “ўз хатти-ҳаракатларининг хато бўлганини тан олишга қодир эмас”. “Умуман пушаймонликнинг йўқлиги патологияга яқиндир”, — деб ҳисоблайди Энгорон.

Собиқ президентнинг адвокати Алина Хабба қарорни адолатсиз деб атади. Унинг фикрича, қарор “кўп йиллар давом этаётган ва сиёсат томонидан кучайтирилаётган жодугарлар овининг авж нуқтаси”га айланган. “Гап фақат Дональд Трампда эмас. Агар бу қарор кучда қолса, у ҳар битта америкаликка Нью-Йорк энди бизнес учун очиқ эмаслиги ҳақидаги сигналга айланади”, — дейилади адвокатнинг баёнотида. Ҳимоя томони апелляция бермоқчи.

Даъво Нью-Йорк бош прокурори демократ Летиция Жеймс томонидан берилган эди. У Дональд Трампни ўн йил давомида банклардан кредитлашнинг фойдалироқ шартларига эга бўлиш учун ўз бойлигини 3,6 миллиард долларгача ошириб кўрсатганликда айблаганди. Собиқ президент ўз айбига иқрор бўлмади ва даъвони сиёсий мақсадга эга деб ҳисоблади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.