Пахтакор туманидаги боғчада болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритилмоқда

Foto: kun.uz

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида қайд этилган болалар заҳарланиши ҳолати Болалар омбудсмани сўрови асосида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 2-август куни Пахтакор туманидаги мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган И.Ф. (қиз бола, 2020 йилда туғилган) ва С.Т. (қиз бола, 2019 йилда туғилган)лар тана ҳароратининг кўтарилиши сабабли ота-онаси туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган, болалар овқатдан заҳарланиш ташхиси билан гумонланиб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича шу кунни ўзида ушбу нодавлат таълим ташкилотида тарбияланаётган қолган 14 нафар бола ҳам туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида шифокорларнинг кузатувига олиниб, зарур муолажалар олиб борилган ва уларда соғлигидан шикоятлар аниқланмаганлиги туфайли уйларига жавоб берилган.

Шунингдек, эпидемиологик суриштирув давомида болаларга нонушта пайти берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.

Ҳозирда Пахтакор тумани прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Тайинланган тегишли экспертиза натижасидан келиб чиққан ҳолда прокуратура томонидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Бу борада қўшимча маълумот берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.