Парламент комиссияси: Полат Шамшетовга руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмаган

Источник: парламентская комиссия

2023 йил 7 февраль куни Мустақил комиссия аъзолари ҳамда Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили марҳум Полат Шамшетовнинг бевақт ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасига ташриф буюришди.

Ташриф давомида Мустақил комиссия аъзолари 6-минтақавий мувофиқлаштирувчи марказ бошлиғи подполковник Ш.Раджабов, ҳибсхонаси бошлиғи подполковник У.Асадов ва ҳибсхона тиббиёт бўлими бошлиғи майор Н.Пулатов, шунингдек марҳум П.Шамшетов вафот этган куни ҳибсхонада навбатчиликда бўлган тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д.Темиров ҳамда тартибот ва қўриқлаш бўлими корпус каттаси сафдор Р.Жумаевлар билан ҳолат юзасидан суҳбатлашди.

Шунингдек, қайд этиш ҳужжатлари ҳамда ҳибсхонада сақланаётган шахслар ва хизмат олиб бораётган ходимлар ҳаракатини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган видеокузатув камералари ёзувларини ўрганишди.

«Шундан сўнг, Комиссия аъзолари марҳум П.Шамшетов билан ҳибсхонанинг камерасида бирга сақланган шахслар С.Ш. ва М.Б. билан ҳолат юзасидан алоҳида суҳбатлашдилар. Улар марҳум П.Шамшетовга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқлар ўтказилмагани, бу ҳақда марҳумнинг ўзи ҳам бирор марта шикоят қилмаганини қайд этишди», – дейилади комиссия хабарида.

Маълум бўлишича, марҳум П.Шамшетов вафот этгач, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, марҳум П.Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошлари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Олинган дастлабки маълумотларга кўра, марҳум П.Шамшетов ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.