“Хоразмдаги меҳрибонлик уйи” воқеасининг яна битта сири очилди

Фото: Depositphotos

Хоразмдаги меҳрибонлик уйида содир бўлган жинсий зўравонлик иши бўйича айбдорлар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилгани ошкор бўлди.

Ушбу иш бўйича суд ҳукми 2023 йил 3 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди аппелятсия ҳайъатида ўқилган. Унга кўра, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Ойбек Машарипов 3 йилга, Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи Анвар Курязов 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 

Суд ҳукми ҳужжати билан танишган Инсон ҳуқуқлар “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилишича, ўша куни бўлиб ўтган брифингда ҳуқуқ тизими бошлиқлари бир кичкина эпизодни яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилганлигини яширишган. Бундан ташқари, уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташлангани қайд этилган. 

“Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, улар, ҳатто, жамоатчиликни “педофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтиради” деган гапга ишонтиришган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади”, – деган Абдураҳмон Ташанов ўз саҳифасида қолдирган муносабатда.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, “Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз. Педофиллар, педофилия жиноятлари ҳақида гапирган вақтизимини илм олишга сарфлаганимизда, “султон суягини хорламас”, “қарға қарғанинг кўзини чўқимас” деган нақлларнинг мағзини чаққан бўлардик”, – деган. “Ҳукм қўлимда, аммо ундаги тафсилотларни эълон қила олмайман, чунки суд ёпиқ бўлган. Агар маълумотларни ошкор қилсам, қонун менга қарши ишлайди, чунки мен Адлияда ишламайман…”, – дея ҳулоса қилган Ташанов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.