Pfizer корпорацияси Covid-19 га қарши перорал препаратдан фойдаланишни кенгайтириш тўғрисидаги келишувни имзолади

Pfizer корпорацияси даромади паст ўнлаб мамлакатларга Covid-19 га қарши женерик-таблеткадан фойдаланиш имконини берувчи лицензион келишувни имзолади. Келишув шартларига кўра, Pfizer дори ишлаб чиқарувчиларга даромади паст ва ўртача бўлган 95 та мамлакатда (шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам) ҳамда даромади охирги беш йил давомида ўсган олдиндан қашшоқ бўлган мамлакатларда Paxlovid препаратининг  патентланмаган версиясини ишлаб чиқариш ва сотишга лицензияни тақдим этади. Pfizer компанияси ЖССТ жаҳонда COVID-19 пандемияси сабабли жорий этилган фавқулодда вазият режимини тўхтатмагунича, Paxlovid препаратини сотишдан роялти олмайди. Бу ҳақда NPR ёзади.

Аввалроқ шу ойда Pfizer компанияси Paxlovid дориси клиник синовларда яхши натижаларни кўрсатгани ҳақида маълум қилганди.

Қайд этиб ўтамиз, ноябрь ойи ўртасида Pfizer компанияси Paxlovid товар белгисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишга ариза берди.

Таблеткаларни инфекция юққанидан кейин дарҳол уйда қабул қилиш мумкин.

«Ушбу перорал препарат даромади паст ва ўртача мамлакатлар учун мос келади, у ҳаётларни қутқаришда ҳал қилувчи ролни ўйнаши мумкин», – дейди БМТ томонидан қувватланаётган Дори воситалари патент пулининг ижрочи директори Чарльз Гор.

Препарат Россия, Туркия, Бразилия ёки Руминияда имконли бўлмайди – ушбу мамлакатларнинг ҳаммаси COVID-19га чалиниш ҳолатлари бўйича дунё мамлакатларининг биринчи ўнталигидан жой олган, Жаҳон банки эса уларни ўртачадан юқори даромадга эга мамлакатлар деб ҳисоблайди.

«Чегарасиз шифокорлар» ташкилотининг қайд этишича, препаратдан миллионлаб одамлар фойдалана олмайди. Шунингдек ташкилот маълумотларига кўра, препаратнинг кутилаётган нархи даромади юқори мамлакатларда бир курс даволаниш учун 700 долларга яқин пулни ташкил қилади, даромади паст мамлакатлар учун эса арзонроқ нархлар белгиланган.

«Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти рўйхатда мавжуд бўлмаган мамлакатлардаги дори ишлаб чиқарувчиларни женерикларни мустақил равишда ишлаб чиқариш имкониятини ўрганишга чақирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.