Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёз нархи тушиб кетгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди

Foto: Platina.uz

Ижтимоий тармоқларда пиёз нархи ҳақида тарқалган маълумотлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда Ўзбекистонда пиёз нархи тушиб кетганлиги, хусусан, Сурхондарё вилоятида фермер хўжаликлари ва деҳқонлар томонидан етиштирилган пиёз маҳсулоти сотилмаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда айланмоқда.

Мамлакатимизнинг  жанубий минтақаси бўлган Сурхондарё вилоятининг иқлими бошқа вилоятларга нисбатан тубдан фарқ қилганлиги сабабли эртаки пиёз маҳсулотлари нисбатан 15-20 кун олдин  пишиб етилади, дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда эртаки пиёз 2024 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларида жами 21,2 минг гектар ер майдонларида етиштирилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 4,7 минг гектар ёки  128,5 фоизга кўп экилган.

Май ва июнь ойларида жами 650,5 минг тонна, ўтган йилга нисбатан  256 минг тонна кўп пиёз ҳосили олинган.

2024 йил апрель ойининг 2 ярмидан бошлаб пиёз ҳосилини йиғиб олиш бошланди ва пиёзнинг ўртача нархи далада 2200 сўмни, чакана савдода 3000 сўмни ташкил этди.

Пиёз маҳсулотининг нархи асосан май ойининг 2 ярмидан то ҳозирги кунга қадар деҳқон даласида 500 сўмгача, чакана савдода ўртача 1400 сўмни ташкил этди. Бунга асосий таъсир этган омил маҳсулотнинг пишиқчилик даврига тўғри келганлигида бўлмоқда.

Йиғиштириб олинган пиёз  маҳсулотларини сифатли сақлаш, қайта ишлаш ва ички ҳамда  ташқи бозорларга йўналтириш бўйича вилоятда жами 176 та 108 минг тонна қувватдаги сақлаш сиғимлари, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 168 минг тонна бўлган 24 та мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналари  (шундан қуввати 33 минг тонна бўлган 6 та корхонада қуритиш технологиялари мавжуд бўлиб)  фаолият юритиб келмоқда. Мисол учун Денов туманида 2024-йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларида 55 минг 876 тоннадан зиёд пиёз маҳсулотлари олинган. Бу 2023-йил ҳосилига нисбатан 10 минг тонна кўп.

Ушбу  туманда пиёз маҳсулотини сақлаш учун жами 36 та 16 минг 900 тонна қувватдаги, шундан 26 та 9 минг 900 тонна сиғимга эга замонавий музлаткич ва 10 та 7 минг тонна сиғимга эга оддий омборхоналар мавжуд.

Пиёз экспорти

Сурхондарё вилояти бўйича жорий йил январь-июнь ойлари давомида республикада фаолият кўрсатиб келаётган экспортёрлар томонидан  69,3 тонна ёки 17,8 млн долларлик пиёз экспорти (2023 йилнинг шу даврига нисбатан 54 минг 635,5 тоннага ёки 4.7 баробарга кўп) амалга оширилган.

Пиёз маҳсулоти асосан Россия, Украина, Латвия, Қозоғистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга бир килограмм учун ўртача 0,15-0,3 АҚШ долларидан экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистондан импорт қилинаётган эртаки пиёзнинг биринчи партиялари 18-19 майдан бошлаб Қозоғистонга 0,16 доллардан етказиб берилди.

Пиёз нархи Украина бозорида икки ҳафта олдинги 25-30 гривна/кг (0,64-0,75 долл)га нисбатан 20-28 гривна/кг (0,50-0,70 долл)гача арзонлашди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳамда  Озарбайжондан пиёз етказиб бериш ҳажмининг ортиши, сифатли пиёз сегментида нархнинг пасайишига олиб келмоқда ҳамда бозорда пиёз ҳаддан зиёд кўплиги кузатилмоқда.

Янги Қўйлиқ деҳқон бозори – “Food City” савдо мажмуасида 2024 йил 1 июнь ҳолатига пиёзнинг ўртача нархи 1400,0 сўмни  ташкил этган.

Савдони ривожлантириш

Ички ва ташки бозорларга маҳсулотларни етказиб бериш ва бирламчи қайта ишлаш бўйича вилоятнинг фермер ва деҳқон хўжаликларида ҳамда аҳоли томорқаларида 2024-йил ҳосилидан етиштирилган пиёз маҳсулотини қабул қилиш манзилгоҳлари ташкил этилди.

Маълумот учун. “Agro Sun Energy” МЧЖ  томонидан Денов тумани “Отқамар” ва “Қумқишлоқ” МФЙ, Шўрчи тумани Хўжамияров, Алпомиш МФЙ, Қумқўрғон тумани “Ҳалаки”, “Боймоқли” МФЙ ҳудудида. (Б.Махматқулов, тел. 94-202-77-79), “Bless S.R.” МЧЖ  томонидан Музработ  туманида “Орият” МФЙ ҳудудида (А.Хамрақулов, тел. 93-331-14-41), “Термиз Агро импекс” МЧЖ  томонидан:Термиз тумани “Янгиобод” МФЙ ҳудудида(А.Хамрақулов, тел. 93-331-14-41).

Ҳозирги кунда “BLESS S.R.” МЧЖ ҳамда «Agro Sun Energy» МЧЖ томонидан 5 минг тонна қиймати 2.7 млн.долларлик  пиёз маҳсулотларини Россия давлатига экспорти амалга оширилди.

Шунингдек, вилоятда етиштирилган пиёз маҳсулотларини катта ҳажмда «Gold Dried Fruits Export» МЧЖ томонидан фермер ва деҳқон хўжаликларидан олиш бўйича  келишувга эришилди ва тайёрлов ишлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятидаги тадбиркорлар томонидан етиштирилган пиёз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга етказиш юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мисол учун Денов тумани Бобур маҳалласида яшовчи фуқаро Р. Турсуновнинг 1,5 гектар майдондаги 100 тонна, Навбаҳор маҳалласида яшовчи фуқаро С.Бўриевнинг 1 гектар майдондаги 75 тонна, Р.Ашурованинг 0,15 гектар ер майдонидаги 10 тонна, О.Товошорованинг 0,15 гектар ер майдонидаги 8 тонна, С. Халиловнинг 2.5 гектар майдондаги 180 тонна пиёз маҳсулотлари экспортга ва ички бозорга йўналтирилишида амалий ёрдам берилди.

Бунда улгуржи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан деҳқоннинг даласидан пиёзнинг калибри ва қадоқланишидан келиб чиқиб, 400-600 сўмдан сотиб олмоқда.

Ушбу тадбиркорларнинг пиёз маҳсулотлари ер майдонларидан йиғиштириб олингандан сўнг,  ерёнғоқ ва серҳосил маккажўхори экинлари етиштирилиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.