Пойтахт аэропортида Pax Track тизими ишга туширилди
Тошкент аэропортида йўловчилар учун Pax Track комплекс мониторинг тизими тест режимида ўрнатилди ва ишга туширилди.
Рўйхатдан ўтиш жойидан сўнг йўловчи ўрнатилган турникетларда бортга чиқиш талонини, ходим эса ўз талонини бириктириши керак. Чегара назорати ва авиация хавфсизлигини текшириш тизимлари ҳам ушбу тизим билан бирлаштирилади. Шундай қилиб, йўловчи қидирилаётганида аэропорт ходимлари тизимдан унинг қайси секторда эканлигини ва рўйхатдан ўтгандан кейин “стерил” зонага кирган-кирмаганлигини кузатиш имкониятига эга бўлади.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда жўнаб кетиш залида 40 та рўйхатга олиш пункти (умумий залда 37 та, CIP Lounge залида 2 та ва VIP залда 1 та) мавжуд. Реконструкция ишлари тугаллангач, ҳисоблагичлар сони 90 тани ташкил этади, шу жумладан 12 та Self Chek-in ва Baggage Drop Off гибрид пункти мавжуд бўлиб, уларда йўловчилар рейсларга мустақил равишда рўйхатдан ўтиш ва багажни рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Жўнаб кетиш ҳудудидаги чегара назорати линиялари сони ҳам 34 тадан 54 тага (жумладан E-gate) кўпаяди. Текширув ҳудуди 15 та каналгача кенгайтирилади. Шунингдек, келиш зонасида 48 йўловчи ўтиш каналига эга янги паспорт назорати зонаси ташкил этилади, багаж каруселлари сони тўрттадан саккизтага кўпаяди. Шунингдек, жўнаб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш туфайли кутиб олувчилар учун майдон сифатида 4000 м кв га яқин майдонни ажратиш мумкин бўлади.
Қайта қуриш доирасида, шунингдек, BHS ва BRS юкларни ташиш ва назорат қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган. Учиш ва келиш учун янги ускуналар ва дастурий таъминот ўрнатилади. Тизим багажни парвоз бўйича автоматик саралаш, багажни ташишга қабул қилинган пайтдан то бортга ортилган пайтгача кузатиб бориш, энг муҳими, бу вазиятда инсон омилини минималлаштириш имконини беради. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида багаж ёрлиғи рақами орқали юкни кузатиш имконини берувчи мобил илова ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида бошланадиган реконструкциянинг якуний босқичида келиш ва жўнаб кетиш заллари битта терминал мажмуасига бирлаштирилиб, унинг майдони пировардида 105 000 м.кв ни ташкил қилади. Бу аэропорт терминалининг ўтказиш қобилиятини ҳозирги соатига 1200 йўловчидан 2400 тагача оширади.
Шарҳлар