Рашк балоси 23 йиллик қамоққа олиб келди
2012 йил 3 сентябрь куни соат тахминан 14:40 ларда Чилонзор тумани 8-мавзедаги хонадонлардан бирида, шу ерда истиқомат қилган, 1985 йилда туғилган Сабина Турғунова ҳамда 1991 йилда туғилган Хосият Эшмирзаеванинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жасадлари қотиллик аломатлари билан топилди.
Мазкур қотиллик жиноятини фош этиш йўлида ишга алоқадорлиги гумон қилинган шахслар терговга жалб қилиниб, уяли алоқа рақамлари таҳлил қилинди, уларнинг яшаш хонадонларида тинтув, кўздан кечириш ва турли экспертизалар ўтказилиши таъминланди.
Натижада мазкур жиноят фуқаро Орифжон Собиров томонидан содир этилганлиги фош этилди…
Ота-она учун фарзандини вояга етказиб, уй-жойли қилиш-у, невара-чеваралари қуршовида қарилик гаштини суришдан ўзга бахт йўқ. 2009 йилда қизини турмушга узатган Қ.Собирова ҳам қанчалар хурсанд бўлган бўлса, неваралик бўлганида ундан-да кўпроқ суюнди. Аммо, бундай хурсандчилик кунлари вақтинчалик экани, яқин келажакда уни нафақат хафа қиладиган, балки, дилини пора қилиб, фарзанд доғида ўртайдиган қайғули кунлар кутаётганини билмасди.
Эри билан қонуний ажрашмаган бўлса-да, турмушидан нолиб, уйига қайтиб келган қизи дабдурустдан пойтахтга бориб, ишлайман деганда, она нима деярини билмай қолди. Бу ёқда ёш боласи бўлса… Бироқ, Сабина қароридан қайтмади. Боласини онасига қолдириб, йўлга отланди. Бир неча кундан кейин қўнғироқ қилиб, Тошкентдаги кафелардан бирига ишга жойлашганини айтганда, онаси бироз бўлса-да, хотиржам тортди.
Шу-шу Сабина ҳар икки-уч ойда келадиган, маошим дея 100-150 минг сўм пул ташлаб кетадиган бўлди. Қизи нима иш қилаётганини айтмаганидан кейин, онаси ҳам қизиқмади. Фақат Сабинанинг анча ўзгаргани, аниқроғи, ўзига оро бериб, янада чиройлироқ бўлиб кетганини пайқади-ю, бунга унчалик аҳамият бермади.
Аммо Сабинанинг навбатдаги келиши онасини бироз шошириб қўйди. У ўзи билан бир йигитни бошлаб келган эди. Йигитнинг исми Орифжон бўлиб, унинг айтган гапларини эшитган она энди нима дейишни ҳам билмай қолди. Орифжоннинг сўзларига қараганда, у Сабинани ёқтириб қолиб, уйланиш мақсадида онасининг розилигини сўраб келибди.
Она нимаям дерди, қизи бир боласи билан турмушдан қайтиб келгани учун унга тўғри келмаслигини тушунтириб, йигитга ўзига мос қиз топиб, уйланишни маслаҳат берди. Орифжон бир сўзли, қайсар йигит эканми, ҳаммасидан хабардорлигини айтиб, барибир Сабинага уйланишини, сўзидан қайтмаслигини қайта-қайта таъкидлайверди. Бироқ она ҳам ўз сўзида туриб олди.
Хуллас, эртасига Орифжон Сабина билан унинг боласини олиб, пойтахтга қайтди. Шу кундан бошлаб Орифжон тез-тез Сабинанинг онасига телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрайдиган бўлиб қолди. Август ойининг сўнгги куни Сабина онасига қўнғироқ қилди-да, ишлари яхши эканини айтди. Аммо эртаси куни пешингача қизидан телефон бўлмаганидан ҳайрон бўлган она унга қўнғироқ қилди, ўчиқ экан. Шу куни кечгача яна бир неча марта қизининг телефон рақамини терди, яна ўчиқ. Кўнгли ғаш бўлиб, нима қилишни билмай қолди.
Эртасига эрталаб кечаги аҳвол такрорланди. Кўп ўтмай Орифжон телефон қилиб, Сабинанинг телефони жавоб бермаётгани, бирор янгилик бўлса, айтишни сўраб, олов устига мой қуйгандек бўлди. Шу куни онанинг қўли ишга бормади, тунни эса деярли бедор ўтказди.
Учинчи куни эса уйига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кириб келиб, Сабинанинг жасади қотиллик аломатлари билан топилганини маълум қилишганда, ҳуши бошидан учиб, карахт аҳволга тушиб қолди. Ўзига келгач, пойтахтга отланди…
Намангандан Тошкентга меҳмон бўлиб келиб, бир қариндоши билан шаҳар айланган Орифжон тушликдан кейин четроқдаги тумандан бир хонадонни икки кунга ижарага олди. Кечки пайт икки қиз билан танишиб қолиб, уларни ижарага олган уйига таклиф қилди. Кўп ўтмай қизлар кириб келишди. Бири ўзини Сабина деб таништирди. Иккинчисининг исми Хосият экан. Шу куни Сабина билан тонггача бирга бўлган Орифжон уни ёқтириб қолди. Қизларни кузатгач, яна бир кун пойтахтда бўлиб, кейин уйига қайтди. Шу учрашувдан кейин ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб, Тошкентга келадиган, қиз билан учрашадиган бўлди. Кўп ўтмай, унга уйланмоқчи эканини маълум қилди. Гарчи Сабина турмушга чиққани, бир нафар фарзанди борлигини айтса-да, бу Орифжонни ниятидан қайтара олмади.
Орада Самарқандга бориб, Сабинанинг онаси билан танишиб қайтди. Кейин Қозоғистонга ишлаш учун кетиб, икки ойдан сўнг у ердан қайтиб келган Орифжон тўғри Сабина ижарада яшаётган уйга йўл олди. Уни Сабина билан Хосият кутиб олишди. Кечки пайт Сабина ишга боришини айтиб чиқиб кетди. Шу кетганча, эрталаб қайтиб келди. Туни билан ҳам хавотир, ҳам рашк ўтида қовурилиб чиққан Орифжон уни ҳақоратли сўзлар билан кутиб олди. Сабина ҳам шунга яраша жавоб қайтарди. Жанжал авжига чиқди. Сабина йигитга ҳеч ким эмаслиги, ишига ҳам аралашишга ҳаққи йўқлигини айтиб, меҳмонхонага чиқиб кетганида Орифжон чидаб туролмади. Орқасидан югуриб кирди-да, қизни бўға бошлади. Қиз овоз чиқармай, ерга йиқилгандан кейингина, қўлини бўшатди. Уни ўлди дея гумон қилиб, қилмишидан қўрқиб кетди. Шундай бўлса-да, тезда ўзини қўлга олиб, вазиятдан чиқиш йўлини қидира бошлади. Бир маҳал ухлаб ётган Хосиятни эслаб қолди. “Ахир у менинг бу ерда бўлганимдан хабардор-ку! Уни ҳам йўқотишим керак!”
У шундай хаёллар билан стол устида ётган ошхона пичоғини олиб, Хосиятнинг ёнига келди. Бир қўли билан бўғиб, ерга йиқитгач, пичоқни ишга солди… Ишни битириб, ваннахонага ўтди. Юз-қўлини ювиб, меҳмонхонага кирса, Сабина нафас олаяпти. Уни судраб, ваннахонага олиб кирди ва кир ёйишга мўлжалланган арқонни бўйнидан айлантириб, яна бўға бошлади. Ўлганига ишонч ҳосил қилгандан кейин одамлар енгил табиатли қиз эканлигини билишсин, дея шимини ечиб ташлаб, устига чойшаб ёпиб қўйди. Сўнгра, ҳар иккала қизнинг қўл телефонларини олиб, уйни тарк этди…
Рашк туфайли икки инсон дунёдан бевақт кўз юмди. Бунга сабабчи бўлган кимса эса суднинг ҳукми билан 23 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Huquq” нашри материаллари асосида.
Шарҳлар