Польшада Волковни калтаклаган икки нафар гумондор қўлга олинди
Польшада февраль ойида Россия колониясида вафот этган мухолифотчи Алексей Навальнийнинг сафдоши Леонид Волковни калтаклаган икки фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда DW хабар беради.
“Мен Польша Республикасига ажойиб иш учун миннатдорчилик билдираман, биз бу ҳақда Польша президенти билан гаплашдик, ажойиб ҳамкорлик учун раҳмат. Шундай қилиб, биринчи, энг муҳим тайёргарлик ишларини олиб борган жиноий разведка ходимларига миннатдорчилик билдираман. Тез орада процессуал ҳаракатлар амалга оширилгач, бу шахслар Литвага ўтказилади”, — дея Литва президенти Гитанас Науседанинг матбуот анжуманидаги нутқидан иқтибос келтиради Delfi интернет нашри. Шу билан бирга, Науседа гумондорларнинг исмларини айтишга ҳали тайёр эмаслигини таъкидлади.
Леонид Волков 12 март куни кечқурун Вильнюсдаги уйи ёнида шафқатсизларча калтакланган. Навальнийнинг шериклари Кира Ярмиш ва Иван Жданов ўшанда хабар қилганидек, ҳужумчи сиёсатчи машинасининг ойнасини синдириб, унинг кўзига ёш оқизувчи газ сепган, сўнг Волковни болға билан калтаклаган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратларда сиёсатчининг бошида шилинган, кўзи қорайган ва оёғи қонга ботганини кўриш мумкин. Кейинчалик маълум бўлишича, Волковнинг қўли синган.
Терговга қадар тергов ишларини Вильнюс округи бош полиция комиссарлиги, Литва жиноят полицияси департаменти иштирокида олиб бормоқда. Бундан ташқари, Литва полицияси Aras аксилтеррор бўлими ходимлари билан жиноят жойига боришган.
Шарҳлар