Самарқандда ички ишлар органларининг 20 нафар ходими пора олмагани учун мукофотланди
Самарқанд вилояти ички ишлар органларининг 20 нафар ходимига 67 миллион 500 минг сўм миқдорида мукофот пули берилди, деб хабар қилади ЎзА.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг яқинда ўтказилган қўшма мажлисида қайд этилишича, жорий йилнинг саккиз ойи давомида Самарқанд вилоятидаги ички ишлар органлари ходимларнинг билдиргиларига асосан ички ишлар органи ходимига пора бермоқчи бўлган 25 нафар фуқаро далилий ашёлар билан ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Ушбу жиноятларни фош этишда ташаббускор бўлган 20 нафар ходимга 67 миллион 500 минг сўм миқдорида мукофот пули берилган.
Мисол учун, шу йилнинг 23 август куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.М. ўз хонадонида гиёҳванд моддаларни сақлаб келаётгани аниқланган. Мазкур ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ўғлини жиноий жавобгарликка тортмаслик учун фуқаро Ғ.М. ички ишлар органи ходимига 2 минг АҚШ доллари пора бераётганда жиноят ходим ташаббуси билан фош этилди.
Ўз навбатида ўтган даврда ички ишлар органлари ходимларидан бир нафари коррупцион ҳолат содир этгани учун тизимдан ишдан бўшатилган.
Шарҳлар