Пахтани ташқи бозорда сотишдан тушадиган маблағнинг бир қисми фермер хўжаликларига бериладиган бўлди

Пахтани ташқи бозорда сотишдан тушадиган маблағнинг бир қисми фермер хўжаликларига бериладиган бўлди

Пахта толасини сотиш бўйича ички ва ҳақиқий нархлар орасидаги мусбат фарқни тўплаш ва ундан фойдаланиш тартибига ўзгаришлар киритилди.

Ушбу миқдор солиққа тортилмайди ва унинг 50% пахта етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига уларнинг республика Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармалари олдидаги ёки хизмат кўрсатувчи корхоналар олдидаги кредиторлик қарзини ёпиш (кейинчалик хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармалари олдидаги қарзини ёпиш)  учун йўналтирилади.

Агар пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари юқорида кўрсатилган қарздорликларга эга бўлмаса, мусбат фарқ маблағлари моддий-техника захиралари ҳамда «Ўзкимёсаноат» ДАК, «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзнефтмаҳсулот» АК, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Агротехсервис МТП» МЧЖ, «Узсельхозмаш-лизинг» АЛК, «Ўзмашлизинг» ШК корхоналарининг хизматларига олдиндан тўлаш учун фойдаланилади.

“Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмалари мусбат фарқ маблағлари тушишига қараб, бир иш куни ичида, уларни махсус ҳисобрақамдан Жамғарманинг тегишли ҳисобрақамларига ўтказади:

– маблағларнинг 25% Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Жамғарма кредитлари бўйича давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича ҳисоб-китоблар учун “Ўзпахтасаноат” уюшмаси корхоналарининг қарздорлигини узишга йўналтирилади;

– қолган қисми Жамғарманинг айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилади.
 
Бундан олдин “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмалари маблағлар тушишига қараб уларни “Ўзпахтасаноат” уюшмаси корхоналарининг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги кредиторлик қарздорлигини узиш учун ўтказарди.

Шунингдек, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси корхоналари, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдида қарздорликсиз, мусбат фарқ суммасини уюшманинг махсус ҳисобрақамига йўналтирадиган меъёр ҳам ўз кучини йўқотди. Унга кўра, кейин ушбу сумма қолган “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарздорлигини узишга сарфланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.