Порахўр инспекторлар қўлга тушди
Қашқадарё вилояти Қарши туманида солиқ инспекциясининг сайёр солиқ текширувлари шоъбаси бош инспектори маҳаллий 5 та МЧЖ фаолияти юзасидан жорий йилнинг сентябрь ойига қадар камерал солиқ текширувлари ўтказмаслик эвазига 2300 АҚШ доллари олган вақтида далиллар билан ушланди.
Хабарга кўра, “у ушбу пул маблағини вилоят солиқ бошқармасининг камерал солиқ текширувлари шоъбаси бош инспекторига бериши кераклиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва мазкур мансабдор шахс ҳам 2300 АҚШ долларини олган вақтида ушланган”.
Бухоро вилояти Ғиждувон туман солиқ инспекцияси катта инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман марказидаги “Ҳўжаи жаҳон” савдо комплекси ҳудудида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорни жорий йилнинг охирига қадар айланма солиқ тўловчиси тоифасидан, ҳар ойда 2 млн. 424 минг сўм тўлайдиган қатъий турдаги солиқ тўловчиси тоифасига ўтказмаслик, келгусида солиқ идоралари томонидан бўладиган текширувлардан ҳимоя этиш эвазига 8 млн. сўм олган вақтида қўлга тушган.
Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш масканида 6 ой мобайнида солиқ текширувлари ўтказмаслик, аксинча, унинг фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг бош инспектори ушланди.
“Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга туман солиқ инспекциясининг шоъба бошлиғининг алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланди”, – дейилади хабарда.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги МЧЖ фаолияти бўйича ўтказилган солиқ аудити текшируви натижасида аниқланган 267 млн. 300 минг сўм қўшилган қиймат солиғи ва 664 млн. 700 минг сўм соф фойда солиғини мансабдор танишлари орқали камайтириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг камерал назорат шоъбасининг собиқ бошлиғи ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар