Президент 2024 йилгача электр энергиясининг ягона савдо майдончасини яратиш бўйича топшириқ берди
26 октябр куни президент ҳузурида энергия бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тақдимоти бўлиб ўтди. Давлат раҳбари ягона электр савдо майдончасини яратиш, уни 2024 йил охирига қадар синовдан ўтказиш ва ишга тушириш вазифасини қўйди.
Шавкат Мирзиёев энергетика бозорини либераллаштириш жараёнида 2035 йилгача республиканинг барча ҳудудларида аҳолига электр энергиясини ягона нархда сотиш талабини, шунингдек тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя тамойилига қатъий риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.
Президент янги тизимнинг самарали ишлаши учун учта компонент – кадрлар тайёрлаш, соҳанинг фан билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев бу мураккаб ишларни марказда ҳам, ҳудудларда ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.
Шу муносабат билан энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги юқори малакали мутахассислар ва хорижий маслаҳатчилар билан таъминланади. Ходимлар малака ошириш учун Испания, Хитой, Туркия ва Германияга юборилади. Хорижий тажриба асосида муҳандислар, диспетчерлар, SCADA тизими операторлари ва бошқа мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади.
Шарҳлар