Президент: “Агар куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминланади”
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Йиғилишда давлат раҳбари Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтди, дея хабар беради президент матбуот котиби.
«Ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман. Мана шундай дақиқаларда тинчлик ва инсон ҳаёти нақадар бебаҳолигини, уни асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини, бунга барчамиз масъул эканимизни янада чуқур ҳис этамиз».
Президентнинг сўзларига кўра, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. “Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган”, – деди у.
Президент бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бораётганини таъкидлади.
Бош прокурор Н.Йўлдошев олдига ҳар бир ҳолатни чуқур ва холисона ўрганиш ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш вазифаси қўйилди.
«Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин».
«Ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда, миллатлар ва конфессиялар ўртасида қарама-қаршиликлар кучаймоқда, радикализм ва экстремизм хавфи тобора ортиб бормоқда. Мана шундай таҳликали шароитда биз барқарорлик ва хавфсизлигимизга зиён етказадиган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга кескин қарши туришимиз шарт. Айни вақтда шуни эътироф этиш керакки, мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучлар ҳам мавжуд. Ушбу кучлар томонидан юртимиздаги осойишта вазиятни издан чиқариш, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни тўғри йўлдан чалғитишга қаратилган ғаразли мақсадлар амалга оширилди ва бундай уринишлар бундан кейин ҳам содир бўлиши мумкин», – дея президентнинг сўзларини келтиради унинг матбуот котиби.
Шавкат Мирзиёев бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритаётганини қайд этди. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
“Фергана” нашрининг ёзишича, шаҳарда ҳалигача интернет йўқ. Банклар фақат нақд пул билан операцияларни амалга оширмоқда, аммо банкоматларда навбатлар кузатилмаяпти.
6 июль куни эрталаб Нукусдан ҳарбийлар ва бронетехника олиб чиқилди. Алоҳида маъмурий биноларни Миллий гвардия махсус кучлари томонидан қўриқлашда давом этаётир.
Шарҳлар