Президент ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилишини билдирди
2021 йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида шундай маълумотлар келтирилди.
Юнусобод туманида яшовчи ҳайдовчи 2021 йилда 133 маротаба қоидабузарлик содир этган (230 миллион сўм жарима ҳисобланган). Юқоричирчиқ туманида яшовчи ҳайдовчи 2021 йил 11 ойида 37 маротаба қоидабузарлик содир қилиб, охир-оқибат жиддий авария содир этган.
Давлат раҳбари бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилишини маълум қилди. Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилади.
Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
«Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», — деди президент.
Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
«Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади», — деди давлат раҳбари.
Энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Бунда:
– Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради;
– Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;
– Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.
Шарҳлар