Президент қатор амалдорларга ҳайфсан эълон қилди
15 декабрь, пайшанба куни, президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давомида ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласига ҳам тўхталди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котибига таянган ҳолда «Газета.uz» нашри ёзади.
Давлат раҳбари аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масаласига тўхталиб, ресурсларнинг ноўрин сарфлаб, сотиб юборилганини қаттиқ танқид остига олган.
Ҳудудларга сўнгги йилларда 30 мингдан ортиқ штат берилиб, маҳаллаларда шароитларни яхшилаш учун бу йилнинг ўзида 12 триллион сўм берилгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимининг 6−7 нафар ўринбосари, 4 та сектор раҳбари, маҳалла раислари, бошқарув компаниялари шу оддий ишларни қила олмагани, хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқот қилмагани танқид қилинди.
Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов, «Ўзбекнефтгаз» раиси Меҳриддин Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Фарҳод Абдурахманов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» раиси Дадажон Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Беҳзод Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Баходир Эшмуродовга «ҳайфсан» берилди.
«Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шунингдек, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ушбу раҳбарларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берилди.
Шарҳлар