Президент: «Бюрократия ва коррупция қарши курашишда журналистларга таянамиз»

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Мамлакат президентининг матбуот хизмати Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан табрик чоп этди. Давлат раҳбари ўз табригида бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрли эканини қайд этади.

«Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз. Янгиланган Асосий қонунимизда ушбу йўналишдаги конституциявий қоидалар янада мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз бардавом эканини кўрсатади».

«Бугунги шиддатли даврнинг ўзи барча соҳалар қатори ахборот йўналишида ҳам олдимизга ўта долзарб вазифаларни қўймоқда», – дейли президент.

«Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз. Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни – қора, қорани – оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади».

«Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади», – дея қайд этади президент.

«Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз».

Табрик якунида давлат раҳбари “давлатимиз ва жамиятимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини рағбатлантириш, соҳанинг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр” эканини яна бир бор таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.