“Тинькофф Банк” ўз логотипидаги яккашохдан воз кечди

“Тинькофф” ўз логотипини ўзгартирди, бунга Frank Media эътибор қаратади.

“Ўз айдентикамизда биз соддалик, енгиллик ва қулайлик томон ҳаракат қилмоқдамиз, биз визуал алоқаларни соддалаштиряпмиз, бу бренднинг эволюцион ривожланиши”, – деди “Тинькофф” РБК га.

Аввалги логотип дворян Тиньковлар оиласининг гербидан илҳомланган ҳолда яратилганди, дейди банк асосчиси Олег Тиньков. Унинг тушунтиришича, ота-боболари Иосиф Сталин даврида бадавлат одамлар сифатида сургун қилинган, ўзи Сибирда туғилган.

Қадимги логотип яккашохли геральдик қалқон ва булутдан чиқаётган қиличли қўл эди. Қалқон бўш шиор лентаси, барглар, рицарь дубулғаси ва тож билан ўралган эди. Банк номи лотин тилида ёзилган. Янги логотипда минималистик гербда сариқ фонда «Т» ҳарфи мавжуд бўлиб, номи кирилл алифбосида ёзилган.

Февраль ойида банк “Роспатент”га қўшимча логотипни рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширди – эскисига ўхшаш, аммо минималистик услубда бажарилган.

2022 йил баҳорида Тиньковлар оиласига тегишли бўлган TCS Group акцияларининг 35 фоизи Владимир Потаниннинг “Интеррос” компанияси томонидан сотиб олинди. Кейинроқ “Тинькофф” асосчиси Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ҳақидаги танқидий постларидан сўнг банкни «бир тийинга» сотишга мажбур бўлганини айтди.

“Мен савдолаша олмадим. Бу гаровдаги шахснинг ҳолати – сенга таклиф қилинган нарсани оласан, мен рози бўлолмадим”, – дея тушунтирди Тиньков. “Юз миллионлаб долларларни бир тийин деб айтишга тилим бормайди. Бу мен учун жуда катта пул”, деди кейинроқ Потанин.

Шундан сўнг банк ребрендинг ўтказишга ва эски бренддан воз кечишга ваъда берди ва ташкилот “бренд номининг асл маъносидан анча ўтиб кетганини” тушунтирди.

Олти ой ўтгач, Тиньков бу режаларни эслатди ва ўз брендини қайтариб олиш нияти ҳақида гапирди, аммо банк брендга бўлган барча ҳуқуқлар унга тегишли эканини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.