Президент: «Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар»
11 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилишни ўтказди.
Фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқаради. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўрт́адаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.
Давлат раҳбари буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ва брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилмоқда. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.
«Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар. Бундан буён, туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди», – деди президент.
“Ўздонмаҳсулот” корхоналари ва хусусий корхоналарни айланма маблағ учун 800 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.
Президент замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларини қоплаб бериш бўйича кўрсатмалар берди. Вилоят ҳокимлари ун ва ун маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан ва четдан олиб келиб, бозорда маҳсулот тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги қайд этилди.
Шарҳлар