Президент: «Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак»
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти бу – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси. Каттами-кичикми, одамлар айтган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт», – деди Шавкат Мирзиёев.
4 минг 979 та маҳаллада режалаштирилган 5 минг 695 та қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади.
Маҳаллаларда турмуш шароитларини яхшилашда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси айни муддао бўлмоқда. Жорий йил иккинчи ярмида бу лойиҳада 9 минг 201 та (98 фоиз) маҳалла иштирок этди. Овоз бериш якунларига кўра, 1 минг 221 та маҳалладаги 1 минг 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига йўналтирилиши айтилди. Бу – яна қўшимча 1 триллион сўм дегани. Умуман, келгуси йилдан бошлаб, маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли истаган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди.
Ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Ҳар бир вилоятнинг солиқ ундирилиши паст бўлган биттадан туманида, тажриба тариқасида, аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бундан тушган маблағ “Маҳалла бюджети”да қолади.
Шарҳлар