Президент ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Эҳтиёжманд болаларга моддий ёрдам

Фармонга кўра, 2021 йил август ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат ОТМларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси қоплаб берилади.

Уй-жой ва ўқишга имтиёзли кредитлар

“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. Ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

2021 йил 1 сентябрдан республикадаги ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

Бундан ташқари, Молия вазирлигига таълим кредитларини қоплашга даромад солиғи бўйича солиқ имтиёзларини қўллашни ҳамда ёш оилаларнинг ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтириладиган суммаларни даромад солиғидан озод этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Ёш олимларга – маошига устамалар

Давлат органлари ва ташкилотларида ишлаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМларини тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилади.

Фармон билан 2021 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.

2021 йил 1 октябрдан ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловлари ташкил этилади ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади.

Ёш спортчи-тренерларни қўллаб-қувватлаш

2021 йил 1 сентябрдан Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган спортчи-тренерларга:

– спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;

– спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади;

– камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда БҲМнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.