Президент маҳалла раисларини қурилиш объектларини қабул қилиш бўйича комиссиялар таркибига киритишни топширди
17 октябрь куни маҳаллалар инфратузилмасига ажратилаётган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш масаласи бўйича йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар беради мамлакат президентининг матбуот хизмати.
Президент қурилиш жараёнларини назорат қилишда аҳоли иштирокини кенгайтириш, объектларни қабул қилиш комиссияларига маҳалла раисларини киритиш бўйича кўрсатма берди.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган қурилиш объектларига хорижий техник-назорат мутахассислари жалб қилиниши, давлат объектлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари “Қурилиш ресурслари классификатори” платформаси асосида ишлаб чиқилиши белгиланди. Бу платформа қурилиш материаллари нархларини ягона тамойил асосида шакллантириш имконини беради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига лойиҳалар, пудратчилар ва қурилиш ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Улардан биринчиси Олимпия шаҳарчаси ҳақида бўлди.
«Аввало, ишларни аниқ режали қилиб, мажмуани сифатли қуриш, Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш керак. Яна бир муҳим масала – кейинчалик бу шаҳарчадан қандай фойдаланиш. Шунинг учун мусобақадан сўнг, бу ерни ҳам мураббийлар, ҳам спортчиларни тайёрлайдиган муассасага айлантириш зарур. Маъмурий биноларда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва федерацияларни ҳам жойлаштириш мумкин. Шунда бу ерда яхлит спорт муҳити бўлади. Ёшларимиз учун спорт иншоотлари қуриш билан бирга методикани ҳам ривожлантириб бориш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган “Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси” ташкил этилмоқда. бу бўйича алоҳида бош режа ишлаб чиқилди. Унга кўра, Паркентдаги туризм ҳудудига олиб борувчи йўллар яхшиланиб, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари қуввати оширилади. Қаровсиз адирликларга сув чиқарилиб, соя-салқин масканлар кўпайтирилади. Умуман айтганда, инфратузилма давлат томонидан барпо этилиб, туризм учун истиқболли ҳудудлар аукционга қўйилади.
Шарҳлар