Президент мактаблар яхши иситилиши бўйича ўз таклифларини берди
Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Қарши тумани маркази — Бешкент шаҳридаги 12-мактабга режадан ташқари ташриф буюрди.
Мактабда 1400 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларга 100 дан ортиқ ўқитувчилар дарс беради. Мактаб 1968 йилда қурилган бўлиб, 2 йил олдин капитал таъмирдан чиққан. Таълим муассасаси 1,6 коэффициент билан ишлайди (1 ўринга 1,6 ўқувчи). Бир касб ва иккита чет тили бўйича ўқитиш йўлга қўйилган. Шунингдек, компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик ва бошқа тўгараклар фаолият кўрсатади.
«Ҳой, туман ҳокими. Бу сенинг ишинг-ку, вилоят ҳокиминики эмас-ку, қара», — деди давлат раҳбари 2022 йил февралидан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган туман ҳокими Беҳзоджон Юсуповга мурожаат қиларкан. Ташрифдан сўнг у ишдан бўшатилиб, унинг ўрнини Зоир Алиқулов эгаллади.
Мактабнинг аҳволи «рақамлаштириш жараёни ҳали етиб келмагани ва ҳаммаси эски услубда экани» сабабли президентни қониқтирмади. Бундай шароитда ҳозирги ёшларни билим олишга қизиқтириб бўлмаслигини айтди.
«Сенга битта савол: шу турган жойимиизда қурилишда энг катта хато нима?» — деб сўради. Сўнгра бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга юзланди: «Биласанми, ёзда иссиқ, қишда совуқ бўлади. Мен Самарқанд вилояти ҳокими бўлганимда ўзим ҳамма [мактаблардаги] ойнани ғиштлаб, ёпиб ташлаганман. Ҳаммасини ёпиш керак. Тўртта, битта [ойна] қолсин. Буни иситиб бўладими? Мана бу бетон, агар [дераза] ёпилмаса, бу ер ҳеч қачон исимайди», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев коридордаги деразалар кўплигини кўрсатиб, биттадан қолдириш мумкинлигини айтди. «Ёзда салқин, қишда иссиқ», — деди у.
Шарҳлар