Энди абитуриентлар ҳужжатларини почта орқали қайтариб олиши мумкин

Энди абитуриентлар ҳужжатларини почта орқали қайтариб олиши мумкин

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги таълим муассасаларида Электрон таълимни жорий этиш маркази билан ҳамкорликда навбатдаги янги –“Абитуриентларнинг ҳужжатлар тўпламини қайтариб олиш учун электрон мурожаат юбориш” хизмати жорий этилди. 

Олий ўқув юртларига кириш учун топширилган ҳужжатлар тўпламини имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг қайтариб олиш зарурияти туғилганда, абитуриентлар буни Ягона портал орқали тўғридан-тўғри ариза юбориш орқали амалга оширишлари мумкин.

Жорий этилган янги хизмат вилоятларда, олий ўқув юртидан олисда истиқомат қилувчи абитуриентлар учун ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишда қулай имконият яратади.

Хизмат натижасига кўра, абитуриентга буюртма почта орқали ҳужжатлар тўплами қайтарилади. Аризачи яшаш манзилига яқин бўлган почта бўлимларига ташриф буюриб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этган ҳолда ҳужжатларни олиши мумкин, дея хабар беради Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

Мазкур хизматни кўрсатишда абитуриент ҳужжатлари тўпламини тайёрлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 % миқдорида тўлов амалга оширилиши кўзда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.