Президент мамлакатга янги тайинланган элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
20 сентябрь куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Корея Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Мўғулистон Фавқулодда ва мухтор элчиси Дааданхуу Батбаатар, Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер, Исроил Давлати Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг ва Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Тойво Клаардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли ва масъулиятли фаолияти расман бошлангани билан самимий табриклади.
Бугунги кунда жаҳондаги беқарор ва тез ўзгараётган даврда элчиларнинг нафақат ўз мамлакатларининг манфаатларини илгари суриш, балки халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган шарафли фаолиятининг аҳамияти кескин ортиб бораётгани таъкидланди.
Президентимиз очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Шарҳлар