Президент: «Мустақиллик монументи она Ватанимиз шарафига бунёд этилган буюк обида»
Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан истиқлолнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументини тантанали равишда очиб берди.
«Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади. Шу сабабли, биз ушбу ёдгорлик тимсолида Ўзбекистонимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрлашга қарор қилдик.
Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлади. Монумент пойига битилган: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”, деган чуқур маъноли сўзлар ота-боболаримиз хотирасига бугунги авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини англатади», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълумотларига кўра, “Мажмуада буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймолари акс эттирилган”.
«Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати таъсирчан лавҳаларда ифодаланган».
Матбуот хизматининг ёзишича, «ёдгорлик янги Ўзбекистонни – учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилинган».
«Унда миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари ўзининг бор маҳобати ва шукуҳи билан кўз олдимизда яққол намоён бўлиб турибди. Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллаган».
Шарҳлар