Президент: Навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланади
Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни машинасозлик саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари биринчи навбатда аҳолининг эҳтиёжларини таъминлашга эътибор қаратилиши кераклигини қайд этди. Автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берди. Ҳозирги кунда навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланади.
Ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди.
Бозорда таклифни ошириб, халқимизга танлаш имкониятини яратиш мақсадида импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга пасайтириш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.
Жорий йилда 23 та лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мўлжалланган. Натижада маҳаллийлаштириш даражаси 48 фоиздан 56 фоизга чиқади. Шунингдек, 336 миллион доллар инвестиция эвазига иккита янги автомобиль модели ва замонавий двигател ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Давлат раҳбари машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Бу тизим “инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис” занжирини қамраб олади. 8 та машинасозлик корхонаси, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи, Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтларини умумий мақсад йўлида бирлаштиради. Шундан келиб чиқиб, ҳукуматга “миллий машинасозлик кластери” дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар