Президент Навоийда янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди
Давлат раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифининг иккинчи куни хайрли воқеа билан бошланди. Жамоатчилик вакиллари иштирокида янги лойиҳаларга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Навоий вилоятида тадбиркорлик жадал ривожланиб, инвесторларнинг ҳудудга қизиқиши тобора ортмоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида 101 триллион сўмликдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 648 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Шунингдек, қарийб 478 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, вилоят ташқи савдо айланмаси қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Вилоятда 300 дан ортиқ чет эл корхоналари ишлаб турибди. Энди уларнинг сони янада кўпаяди.
Маросимда 15 та лойиҳа ҳақида эълон қилинди.
Жумладан, Конимех туманида ёнувчи сланецларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг биринчи босқичи, Кармана туманида 300 мегаватт қуёш фото электр станцияси ва 75 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими, Навоий шаҳрида техник газ ишлаб чиқариш, Ғозон шаҳрида мармар ва Зарафшон шаҳрида гранит тошларни қайта ишлаш, Учқудуқ туманида каолин қазиб олиш ва бойитиш, Хатирчи туманида балиқ озуқаси тайёрлаш лойиҳалари қурилиши бошланди.
Кармана туманида калий сульфат ва сульфат кислотаси, Навоий шаҳрида пахта целлюлозаси, Нурота туманида гранит тошларни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди.
Мазкур 15 та лойиҳанинг умимий қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар. Уларнинг натижасида 7 мингдан ортиқ иш ўрни пайдо бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.
Шарҳлар