Президент Осиё ўйинлари иштирокчиларини табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинларида юксак натижалар кўрсатган Ўзбекистон терма жамоасига табрик йўллади.
Жами 71 та медални қўлга киритган Ўзбекистоннинг 132 нафар вакили ўтган Осиё ўйинлари билан солиштирганда рекорд натижа кўрсатди. Тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мусобақада Осиёнинг 45 та давлатидан 11 минг спортчи иштирок этди.
“Бутун Ўзбекистон аҳли сизларни қўллаб-қувватлаб, Яратгандан омад ва зафарлар тилади! Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.”, – деди давлат раҳбари.
У мамлакат спортчилари қўлга киритган 31 та олтин медалнинг ярми қизлар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.
“Ғайрат-шижоатли ўғил-қизларимиз Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганликлари Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз”, – деди президент.
Давлат раҳбари Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянц, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Ольга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатень, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқаларни номма-ном айтиб ўтди.
Жамоавий қиличбозликда ғалаба қозонган Зайнаб Дайибековани ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихори деб атади. Президент шунингдек слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этган Анвар Клевлеевни алоҳида таъкидлади.
“Айни вақтда навқирон фарзандларимиз кураш, дзюдо, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика бўйича тенгсиз, таэквондо, велоспорт, оғир атлетика, футбол мусобақаларида эса етакчилар сафида эканларини амалда исботладилар”, – деди Шавкат Мирзиёев.
“Ўз навбатида 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-Олимпиада ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишингизга ишонаман!” – деди у.
Қайд этиш жоизки, ўйинлар якуний маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Шарҳлар