Президент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш 28 июндан 5 июлга қадар ўтказилади

Фото: Бобур Каримов/Anhor.uz

Ўзбекистон президенти сайловларида муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб 2023 йил 5 июль куни якунланиши белгиланди. Бу ҳақдаги қарор 20 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинди, деб ёзади “Газета” нашри.

Сайлов участкалари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш ва байрам кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 гача ишлайди.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имконияти бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш учун участка сайлов комиссиясига сайлов куни келмаслик сабабини (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳ.к.) кўрсатган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш лозим.

Сайловчи сайлов бюллетенини яширин овоз бериш учун махсус жиҳозланган кабина ёки хонада тўлдиргандан сўнг уни участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланадиган ёпиқ конвертда қолдиради. Конвертни ёпиштириш жойида икки нафар комиссия аъзосининг имзолари қўйилади, улар комиссия муҳри билан тасдиқланади.

Муддатидан олдин президент сайловлари 9 июль куни бўлиб ўтади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.