Президент шу йилнинг дастлабки тўққиз ойи учун иқтисодий якунларни муҳокама қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар, йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар бағишланган йиғилиш ўтказди, деб ёзади “Газета” нашри.
Тадбир сўнгида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида «2024 йилда хусусийлаштиришдан тушадиган тушумлар сарҳисоб қилиниб, ушбу тушумлар нималар ҳисобига таъминлаши» масалалари муҳокама қилинганини маълум қилди.
«Бўш турган бинолар, мол-мулкларни хатловдан ўтказиб, уларни йил давомида аукцион орқали сотув жараёнига чиқариш бир томонлама бўладиган бўлса, иккинчи томондан рақобат муҳити ривожланган барча соҳаларда давлат иштирокини қисқартириб, хусусий мулкка бериш бўйича ишларни давом эттиришимиз керак», — деди у.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 5,8 фоиз (бу йил ўсиш 5,6 фоиз бўлиши кутилмоқда) атрофида бўлишини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ишларини жадаллаштириш режалаштирилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, президент «ҳар бир сўмни жуда тежамкорлик, ақл билан ишлатиш керак», деди.
«Муҳтарам президентимиз ҳар бир ҳудуд, бюджет маблағларини олиб ишлатувчи ҳар бир ташкилот ҳар бир сўмга қатъий масъул эканлигини алоҳида таъкидлади, — деди у.
Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев 2024 йилдан бошлаб тижорат банклари билан биргаликда 270 трлн сўм кредит ажратиш, шунингдек, аввал ажратилган 181 трлн сўм кредитлар қайтарилишини таъминлаш режалаштирилганини таъкидлади.
«2024 йилдан бошлаб ҳудудларда бизнес соҳаси мижозларига кредит ажратишда инфраструктура билан тўлиқ таъминлангандагина кредит ажратиш амалиётини жорий қилиш, тадбиркорлар ҳам бундан кейин кредит олиш жараёнида ўзларининг маблағлари билан қатнашишлари, суғурта билан боғлиқ бўлган ҳолатларга чек қўйиш, ҳудудларда банкларнинг масъулиятларини белгилаш бўйича кўрсатмалар берилди», — деди у.
Йил охирига келиб ЯИМ ўсиши камида 5,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Президент дунёдаги мураккаб ва ноаниқ вазият иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётгани, шу боисдан барқарор иқтисодий ўсишни давом эттириш учун ички имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Шарҳлар