Президент Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади

Фото: Пресс-служба президента

Олий бш қўмондон ҳарбийлар ва бутун мамлакатни Қуролли Кучлар ташкил топганининг 32 йиллиги билан табриклади.

Давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида эълон қилинган табрикда, хусусан қуйидагилар ҳақида сўз боради:

“Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар! Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари! Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Халқимиз сизлар каби мард ва жасур ҳарбийларимиз тимсолида Ватанни ҳимоя қилишдек дунёдаги энг улуғ ишни шараф билан адо этиб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари буюк аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган она юртимизнинг чинакам қалқонларини кўради.

Мана шу қутлуғ айёмда барчамиз сизларнинг метин иродангиз, жанговар руҳингиз ва шиддатингизга қараб, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлиги мустаҳкам ишончли қўлларда эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларимизда Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Халқимизнинг асл ўғлонларига хос фазилатлар улуғланадиган мана шу унутилмас лаҳзаларда Ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ботир жангчиларимизни ёд этиб, уларнинг ўлмас хотираси олдида таъзим қиламиз.

Қадрли дўстлар!

Дунё миқёсидаги ҳозирги ўта мураккаб вазиятда мамлакатимиз хавфсизлиги ва манфаатларини ишончли таъминлаш янада долзарб вазифамизга айланмоқда. Шу асосда мамлакатимизнинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга янада улкан аҳамият қаратамиз.

Буюк Амир Темур бобомиз айтганларидек, ғалаба тақдирини аввало қўшиннинг жанговар руҳи ва тайёргарлиги, маънавий қудрати ва мустаҳкам иродаси ҳал қилади.

Шу боис, миллий армиямизнинг чинакам куч-қудратини белгилаб берадиган қўрқмас ва довюрак ҳарбийларимиз қалбида жанговар руҳни ошириш, уларни ҳар қандай қийинчилик ва синовга чидамли ва матонатли этиб тарбиялаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Азму шижоатли Ўзбекистон ҳарбийлари – Ватанимиз посбонларига шон-шарафлар бўлсин!”

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.