Президент вазирликлар ва идоралар сонини қисқартириш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади
2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда ҳукуматга бўйсунувчи мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тага қисқартирилади. Шу билан бирга, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилади, 20 та идора тўлиқ тугатилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрь куни имзоланган фармон ва қарорида назарда тутилган, дея маълум қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов. Президент яқинда парламентга йўллаган мурожаатида давлат органларини оптималлаштириш режаларини маълум қилган эди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Фармонга мувофиқ, «адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизими» жорий этилган ҳолда ижро ҳокимияти органлари ходимлари, шу жумладан, бошқарув аппарати ходимлари энг кўп 30 фоизга қисқартирилади.
Мазкур қарорга мувофиқ штат бирликларини оптималлаштириш натижасида ажратилган маблағлар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилади, дейилади ҳужжатда.
Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 1 январдан бошлаб ихчам, профессионал бошқарув тамойилларига асосланган ва самарадорликка йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига оладиган яхлит тизимини шакллантирилади.
Вазирлар Маҳкамаси тизими қуйидаги вазирликлар ташкил этади
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
- Табиат ресурслари вазирлиги;
- Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
- Сув хўжалиги вазирлиги;
- Рақамли технологиялар вазирлиги;
- Адлия вазирлиги;
- Транспорт вазирлиги;
- Маданият ва туризм вазирлиги;
- Мудофаа вазирлиги;
- Энергетика вазирлиги;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- Ташқи ишлар вазирлиги;
- Ички ишлар вазирлиги;
- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Шарҳлар