Президент: «Ўзбек тили кўп миллатли халқимизни бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга»
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Ўзбек тили байрами муносабати билан давлат раҳбарининг халққа байрам табригини эълон қилди.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашмоқда, – дейилади мурожаатда.
«Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир».
Мурожаатда қайд этилишича, «бугунги кунда ёшларимизнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган».
«Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради».
Шунингдек, президент жаҳон тараққиёти ютуқлари ва қимматли манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали она тилимизни илм-фан ва инновациялар тили сифатида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишимиз зарурлигини қайд этади.
Шарҳлар