«PUBG» аккаунт сотиб олмоқчи бўлган йигит 4 миллион сўмга «ухлаган»
Чилонзор туманида яшовчи 20 ёшли Б.Н. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 4.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида яшовчи 19 ёшли Х.Б. содир этганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, «гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, Х.Б., жабрланувчи Б.Н. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, “PUBG” аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаган ва ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 4.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган, сўнг ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган».
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Б.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар