Энергетика вазирлиги: Қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш йўқ
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳамда айрим оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар янграмоқда.
Энергетика вазирлиги мазкур мавзудаги мавжуд шикоятларни ўрганиб чиқиб, расмий муносабат эълон қилди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сон ҳамда 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-222-сон қарорлари билан соҳадаги муносабатларни янада ривожлантириш ва электр энергияси ҳамда табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ҳамда табиий газдан самарали ва тежамкор фойдаланиши бўйича зарур ишларни амалга ошириш, қуёш панеллари, қуёш сув коллекторлари ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонлари учун мазкур жиҳозларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш сингари вазифалар кўрсатиб ўтилган.
Бироқ кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган.
Демакки, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди.
Иккинчидан, бугун мамлакатимизга қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини олиб кираётган корхоналар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
Божхона қўмитаси билан олиб борилаётган мониторинг натижалари бўйича биргина жорий йилнинг 8 ойида юртимизга 107 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1,5 миллионтадан зиёд қуёш панеллари олиб кирилди. Эътиборлиси, тадбиркорлик субъектларининг 64 таси бу сафга жорий йилда қўшилган. Шунингдек, 62 та тадбиркорлик субъекти томонидан салкам 7 минг дона инверторлар олиб кирилган. Бунинг натижасида агар 2023 йилнинг сентябрь ойида бир кВт қувватга эга “on grid” (энергия танқислиги юз бермаслиги ёки электр энергияси ортиқча бўлмаслиги учун тармоққа уланиш) тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 10 млн сўмга, “off grid” (энергия таъминотчиларидан мустақил тизим. Бундай тизимнинг муҳим таркибий қисми қуёш энергиясидан нафақат кундузи, балки кечаси ҳам фойдаланиш имконини берувчи батареялардир) тизимидаги эса 13 млн сўмга баҳоланган бўлса, жорий йилда уларнинг нархи 30 фоиздан зиёд арзонлашиб, тегишлича 7 млн сўмдан 9 млн сўмгачани ташкил этмоқда.
Яъни, айрим “иқтисодчи”лар таъкидлаганидек, ушбу маҳсулотларнинг импортини қандайдир 1-2 та ташкилот рухсат орқали амалга оширмаяпти ҳамда буларнинг фаолияти Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилмайди.
Худди шунингдек, ўтган йили 5 кВт қувватга эга “on grid” тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 50 млн сўм, “off grid” тизимидаги эса 65 млн сўм турган бўлса, 2024 йилнинг сентябрида бу нархлар 35 млн сўм ва 45 млн сўмни ташкил қиляпти. Бу аввало мавжуд рақобат муҳитининг таъсири бўлса, иккинчидан, асосий ишлаб чиқарувчи Хитойдаги нархларнинг тушиши ҳам бунга сабаб бўлди.
Учинчидан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг 1 октябридан юридик шахслар ва тадбиркорлар учун, 2024 йилнинг 1 май санасидан эътиборан эса аҳоли истеъмолчилари учун энергоресурслар тариф нархларининг табақалаштирилган равишда оширилиши истеъмолчиларда қуёш панели ҳамда гелиоколлекторларга нисбатан қизиқишни табиий равишда кучайтирди. Хусусан, жорий йилнинг 1 августигача “Қуёшли хонадон” дастури бўйича жами 44 516,4 кВт қувватга тенг 13 минг 324 та, юридик истеъмолчилар билан эса жами 197 201 кВт қувватга тенг 8 минг 776 та шартнома имзоланган. Бу юртдошларимизнинг барчаси қуёш панелини ўз хоҳиши билан ўрнатган.
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати томонидан уч нафар истеъмолчи тасодифий танлаб олиниб, улар билан суҳбатлашилди.
– Бизнинг “Зилол текстиль” корхонамиз ўтган йили ҳар бири 100 кВтдан бўлган 3 та станцияни ўрнатган, – дейди корхона бош энергетиги Бахтиёр Ғафуров. – Корхонамизда бир ойда жуда катта миқдорда электр энергияси сарфланади. Айни пайтда ҳар ойда шунинг 50 минг кВт⋅соат қисмини қуёш панеллари ёрдамида қоплаяпмиз. Бу бизга ҳар ойда 45 млн сўм тежаш имконини беряпти. Қуёш панелининг афзаллигини билиб, Бўка туманида қурмоқчи бўлаётган корхонамизни тўлиқ унинг ёрдамида ишлатмоқчимиз. Шу мақсадда 10-12 МВт қувватга эга қуёш панели ўрнатишни режалаштириб турибмиз.
– Мен уйимга 15 кВт қувватли қуёш панелини аккумулятори билан бирга қўйганман, – дейди Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан Искандар Матазимов. – Жуда ҳам хурсандман. Аввало, уйим ҳамиша чароғон. Ҳар ойда давлатга 1,5 минг кВт⋅соатгача ток сотяпман. Яна бир жиҳати, мен буни ўрнатиш учун 150 млн сўм сарфлаган бўлсам, унинг 45 млн сўмини давлат субсидия қилиб берди.
– Учта объектда жами 480 кВт қувватга эга қуёш панелларини инвертор билан ўрнатганмиз, – дейди “Гарант мебель” МЧЖ раҳбари Санжар Қодирхўжаев. – Фойдасини сезяпман. Ҳар ойда ўртача 85-90 минг кВт⋅соат электр энергиясини қуёш панели орқали оламиз. Бу қувват ишлаб чиқаришни таъминлашга йўналтирилади. Шу орқали ойига ўртача 85-90 млн сўм тежаяпмиз. Қолаверса, қуёш панели ўрнатганимиз учун 10 йилгача ер ва мол-мулк солиғидан ҳам озод қилинганмиз. Мен ўз шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, ҳамкасбларимни ҳам ишлаб чиқаришда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга чақириб қоламан.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Энергетика вазирлиги тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмайди. Аммо тадбиркорларимиз ҳам қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлур эди. Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас.
Шарҳлар