«Қуёшли уй» дастурига 50 млн доллар ажратилади

Правительство Узбекистана
Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва шунга яраша инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги режалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари соҳадаги тажрибага таяниб, бу йилдан йирик “яшил энергия” қувватларини яратиш бўйича уч йиллик дастурга ўтиш зарурлигини таъкидлади.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанция қурилади. Жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қуввати ўрнатилади. Энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун ушбу қувватларга мос тармоқларни қуришни ҳамда зарур материаллар ишлаб чиқаришни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.

Энергетика вазири уч йиллик дастурдан ўрин олган 2,6 гигаваттли 14 та станция бу йил ишга туширилиши, уларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция қуввати кенгайтирилиб, 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилиши ҳақида ахборот берди.

Умуман, янги қувватлар ҳисобига бу йил камида 85 миллиард киловатт-соат, шундан қуёш ва шамол станцияларида 6 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиши айтилди.

Жойларда қуёш панелларини ўрнатиш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Аҳолининг бундан манфаатдорлигини ошириш мақсадида “Қуёшли хонадон” дастури жорий қилинган. Унга кўра, қуёш панели ўрнатган аҳолидан ҳар 1 киловатт электрни 1 минг сўмдан сотиб олиш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда 11 мингга яқин хонадон эгалари бу имкониятдан самарали фойдаланаяпти.

Бу ишларни кенгайтириш учун унинг жозибадорлигини ошириш, қуёш панели ўрнатувчиларга кўмаклашиш кераклиги айтилди. Бунинг учун қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратилиши, хорижий инвесторлар иштирокида яна 100 миллион доллар жалб қилиниши белгиланди.

Қуёш энергиясидан фойдаланишда тадбиркорларга ҳам қўшимча енгилликлар яратилади. Жумладан, қуёш панели, инвертор ва аккумуляторларни импорт қилишда божхона имтиёзлари яна беш йилга узайтирилади.

Мутасаддиларга қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти каби энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу соҳа ривожланаётгани бошқа турдош тармоқларга ҳам ижобий таъсир этмоқда. Хусусан, йирик қуёш ва шамол станцияларини қуриш, уларни тармоққа улаш, таъмир ва сервис хизмати кўрсатиш жараёнларида маҳаллий корхоналаримиз учун камида 1 миллиард долларлик бозор пайдо бўлмоқда.

Шу боис бу йил Қарши шаҳридаги “Солар кластер”да қуёш панели, аккумулятор, инвертор, сув иситкич, Оҳангарон саноат зонасида кабель ва трансформатор, Нукус шаҳри ва Андижон туманида қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган.

Президент маҳаллий корхоналарга халқаро сертификатларни олишда ва ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга мослаштиришга кўмаклашиш бўйича кўрсатма берди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.