Рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланди
Йиғилишда Қурилиш инспекцияси фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд этилди. Ўтган бир ярим йилда экспертизаси йўқ 2,2 минг объект қурилишига асоссиз рухсат берилган. Ўтган йил эса рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланган. Шу боис, ушбу инспекция Ҳукумат таркибига ўтказилиши ва ваколатлари кенгайтирилиши белгиланди.
Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди ва бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, шу жумладан дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Шунингдек, янги қурилиш лойиҳаларида тадбиркорлар электр ва газ таъминотига уланиши учун техник шартлар олиш тизимини рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Бунда тармоққа уланиш нуқтасини инсон омилисиз автоматлашган тарзда танлаш тизими жорий қилинади. Бу йилги инвестиция дастурида 1 минг 896 та лойиҳага 20,5 триллион сўм ажратилган.
Лекин, йилнинг ярми ўтган бўлса-да, 824 миллиард сўмлик 88 та лойиҳада қурилиш ишлари бошланмагани кўрсатиб ўтилди ва мутасаддиларга оқсоқликни бартараф этиш юзасидан топшириқ берилди. Айниқса, 147 та шифохонани тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, 80 та поликлиника ва 67 та шифохонада, 618 та мактаб ва 176 та боғчада қурилиш ишларини белгиланган муддатда якунига етказиш шартлиги ҳақида масъуллар қатъий огоҳлантирилди.
Йил якунига қадар 2 триллион сўмлик ишларни бажариб, 570 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш ва бетон қопламали каналлар улушини 39 фоизга етказиш, 13 минг километр йўл, 195 та кўприкни фойдаланишга топшириш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда 2 минг 152 та кўп қаватли уй-жой барпо қилиб, 100 мингдан зиёд хонадонни фойдаланишга топшириш режа қилинган. Бунинг учун 9 мингта хонадонли 195 та уй-жой қурилишини тезроқ бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда ичимлик суви инфратузилмасини яхшилашга ажратилаётган маблағларнинг самарасини аҳолимиз кундалик ҳаётида ҳис қилиши шартлиги таъкидланди. Жумладан, ҳудудларда 2 минг километр тармоқ, 99 та сув иншооти ва 1 та оқова сув насос станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
Шарҳлар