Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни аниқлаш ва тергов қилиш услубларини такомиллаштиришга қаратилган рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш назарда тутилган. Институт рақамли криминалистика соҳасида инновацион тадқиқот ва ишланмалар марказига айланишни мақсад қилган.
Қарорнинг асосий жиҳатлари:
- Институтга рақамли криминалистика соҳасида суд-тиббий экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш ваколати бериш;
- Кибержиноятларни тергов қилиш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда “катта ҳажмли маълумотлар” (Big Data) таҳлили, сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш;
- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
- Рақамли криминалистика бўйича суд экспертизаларини ўтказиш усулларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
- Крипто-активлар ва блокчейн технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш усулларини ишлаб чиқиш;
- Рақамли криминалистика соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
- Кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш.
Шарҳлар