“Навоийазот” ҳавога чиқараётган ташланмалар миқдори меъёрдан юқори эканлиги аниқланди
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар Навоий шаҳар ҳавосидан 2 кундан буён нафас олиб бўлмаслигидан шикоят қилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Навоий вилоят Экология бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, ҳолат бошқарма ходималри томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида Навоий вилоят Экология бошқармасининг АММИЎЗ ва ЧҚКБ ходимлари, Навоий гидрометеорология бошқармаси ҳамда “Навоийазот” АЖ марказий лабораторияси ходимлари томонидан “Навоийазот” АЖ санитар ҳимоя зонаси атрофидан олинган таҳлил натижаларига кўра атмосфера ҳавосига ташланмалар миқдори меъёрдан юқори эканлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолат юзасидан АЖ маъмуриятига тегишли тартибда мажбурий кўрсатмалар берилди. Бугунги кунда “Навоийазот” АЖ ҳудудида текширувларни ўтказиш ва йўл қўйилаётган камчиликларга аниқлик киритиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вакилига келишилган ҳолда текширувларни ўтказиш бўйича тўпланган ҳужжатлар тақдим этишга тайёрланмоқда.
Ўрганиш ишлари якуни билан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.
Шарҳлар