Референдум тўғрисидаги қонунга қатор тузатишлар киритилди
Президент томонидан имзоланган Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Хусусан, референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар компенсация қилинади. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).
Шунингдек, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.
Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Шарҳлар